+998 (66) 221 72 62 sam-koica@mail.ru Samarqand sh. Spitamen ko'chasi 264a

“Самарқанд касб-ҳунарга ўқитиш марказининг таълим салоҳиятини мустаҳкамлаш орқали вилоятда ишчилар малакасини ошириш ва ишга жойлаштиришни кучайтириш” лойиҳаси тўғрисида қисқача

М А Ъ Л У М О Т

 Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Корея Халқаро Ҳамкорлик Агентлигининг Тошкентдаги Офиси ҳамда Корея Республикасининг Кеймёнг Коллеж Университети (Keimyung College University) ўртасида 2019 йил 25 февралда Самарқанд шаҳрида “Самарқанд касб-ҳунарга ўқитиш марказининг таълим салоҳиятини мустаҳкамлаш орқали вилоятда ишчилар малакасини ошириш ва ишга жойлаштиришни кучайтириш” лойиҳасини амалга ошириш бўйича ҳамкорлик Меморандуми имзоланди.

Лойиҳанинг умумий қиймати 1,131 млн. Жанубий Корея вони миқдорида (1,1 млн АҚШ доллари эквивалентида) бўлиб, унинг 900 млн. вони Корея Халқаро Ҳамкорлик Агентлиги (КОICA), 231 млн. вони  Keimyung College University томонидан ажратилган ва лойиҳа 2019-2021 йилларда бажарилиши режалаштирилган.

Меморандумга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тассаруфидаги Самарқанд шаҳридаги
касб-ҳунарга ўқитиш маркази қошида “Машинасозлик технологияси” ва “Компьютер дизайни” касблари бўйича мутахассислар тайёрлашни йўлга қўйиш ҳамда “Самарқанд стартап Бизнес инкубатори” ни ташкил этиш белгиланган.

Лойиҳага асосан Keimyung College University ва Самарқанд шаҳридаги
касб-ҳунарга ўқитиш маркази мутахассислари биргаликда “Машинасозлик технологияси” ва “Компьютер дизайни” касблари бўйича саноат корхоналари талабларидан келиб чиққан ҳолда ўқув режалари, фан дастурлари ва дарсликларни ишлаб чиқиши, уларни ўрнатилган тартибда тасдиқлатиши, ушбу касблар учун Корея Республикасидан жиҳозлар келтирилиши, уларни ўрнатиш ва фойдаланиш бўйича ўқувлар ташкил этиши режалаштирилган. Лойиҳа режасига асосан “Машинасозлик технологияси” касби бўйича Корея Республикасидан токарлик, фрезерлик, жилвирлаш станоклари, икки турдаги машиналар комплекслари, “Компьютер дизайни” касби бўйича эса 3Д принтер, рақамли камералар, компьютерлар, лазер кесиш аппаратлари келтирилади.

Лойиҳанинг “Самарқанд стартап инкубатор маркази” ни ташкил этиш қисми бўйича марказнинг фойдаланмай турган маъмурият биноси 1-қаватида Корея тажрибасига таянган ҳолда “Стартап инкубатори” ташкил этилади. Бунинг учун Корея Республикасидан 15 номдаги жами 222 дона жиҳоз ва мебеллар келтирилиши белгиланган. Бизнес инкубатор лойиҳа бажарилиш муддатида, яъни 2019-2021 йилларда тўлиғича лойиҳа ҳисобидан молиялаштирилади. Стартап инкубаторда янги ғоялари мавжуд фуқароларга ўз бизнесларини ташкил қилишда кўмаклашилади. Инкубаторда Корея ва Ўзбекистонлик етакчи мутахассислар томонидан семинарлар, консультациялар ташкил этилади ва менторлик ёрдамлари кўрсатилади.

Лойиҳа доирасида 4 нафар маъмурий-бошқарув ходимларнинг бир ҳафта давомида, 6 нафар ўқитувчиларнинг бир ой давомида Keimyung College University да малака оширишлари режалаштирилган.

Лойиҳанинг муваффақиятли бажарилиши Самарқанд шаҳридаги
касб-ҳунарга ўқитиш марказида янги касблар бўйича ўқитишни ташкил қилиш, ишсиз фуқароларни саноат талаблари асосида касбга ўқитиш, уларни ишга жойлаштириш имкониятларини янада кенгайтиради. Стартап инкубатор эса битирувчилар тадбиркорлигини Корея тажрибаси асосида ташкил қилиш, илғор ғояларни қўллаб-қувватлаш орқали уларнинг бандлигини таъминлаш имконини беради.

blank
blank