Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 15 майдаги “Корея Республикаси ҳукуматининг грантини жалб қилган ҳолда Самарқанд шаҳрида касб-ҳунарга ўқитиш марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида 2016 йилнинг октябрь ойида Самарқандда касб-ҳунарга ўқитиш маркази фаолияти йўлга қўйилган эди.
Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Жанубий Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) ҳамкорлигида “Ўзбекистонда касб таълими имкониятларини ривожлантириш” лойиҳаси доирасида ташкил этилган марказда туман ва шаҳар бандликка кўмаклашиш марказлари томонидан йўлланма асосида юборилган ишсиз ёшлар замонавий касбларга қайта ўқитилади.
– Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан марказда ишсизларни ва вақтинча банд бўлмаган аҳолини, шу жумладан, касб-ҳунар коллежларини ва академик лицейларни битирган доимий иш ўрнига эга бўлмаган шахсларни ахборот технологиялари, автомобилларни таъмирлаш ва уларга техник хизмат кўрсатиш, электроника ва асбобсозлик, пайвандлаш ва чилангарлик ишлари, компьютер графикаси ва мультимедиа тизимлари, машинасозлик йўналишлари бўйича касб-ҳунарга тайёрлаш ва қайта тайёрлаш амалга оширилиши белгиланган, – дейди Самарқанд касб-ҳунарга ўқитиш маркази директори, техника фанлари доктори, профессор Исмоил Эргашев. – Шу пайтгача 2000 нафарга яқин ёшлар мазкур йўналишлар бўйича касб-ҳунар ўрганиб, айни пайтда, хорижда ва юртимизнинг турли ҳудудларидаги корхона, ташкилотларда меҳнат қилмоқда. Бундан ташқари, марказда меҳнат бозорида талаб юқори бўлган 20 дан ортиқ касб ва мутахассисликлар бўйича бир ойдан икки ойгача бўлган муддатда қисқа муддатли пулли ўқув курслари ҳам ташкил этилган. Бу курсларда корхона ва ташкилотлар буюртма асосида ёки фуқароларнинг ўзлари ихтиёрий келиб касб-ҳунар ўрганишлари мумкин.
Марказда энг замонавий ўқув-лаборатория жиҳозлари, ускуна ва дастгоҳлар, ўқув қуроллари Корея Республикасидан олиб келиб ўрнатилган.
Ўқув марказининг ўзига хослиги шундан иборатки, барча йўналишлар бўйича Ўзбекистон Давлат таълим стандартлари талаблари асосида жаҳон тажрибасини инобатга олган ҳолда бутунлай янги ўқув режалари, дастурлари тайёрланган ва амалга оширилмоқда.
Бунинг учун Кореянинг KOICA ташкилоти томонидан Корея Республикасининг етакчи университетларидан профессор-ўқитувчилар, мутахассислар жалб этилган. Улар марказ учун ўқитувчилар танловини ўтказишди. Танловдан ўтган ўқитувчилар билан ҳар бир мутахассислик бўйича ўқув режалари, фанлар дастурларини тайёрлашди. Танланган ўқитувчилар икки ой давомида Корея таълим ва технологиялар университетида малака ошириб келди. Кореялик профессорлар ва бизнинг ўқитувчилар томонидан биргаликда ҳар бир мутахассислик бўйича дарсликлар тайёрланди ҳамда чоп этилди. Ўқув режага асосан ўқиш муддати 8 ой қилиб белгиланган, бундан олти ойи марказда амалий машғулотлар ўтказилади, икки ой ишлаб чиқариш корхонасида амалиёт ўтилади. Барча дарслар амалий тарзда ўтказилиб, назарий маълумотлар шу машғулотларнинг ўзида амалиёт билан биргаликда бериб борилади.
– Ўтган йил мактабни битиргач, касб-ҳунар ўрганиш мақсадида шу марказда ўқишга қарор қилдим, – дейди Жиззах вилояти Дўстлик туманида яшовчи Ибрат Дилмуродов. – Белгиланган синовлардан муваффақиятли ўтиб, тўрт ойдан буён компьютер графикаси ва мультимедиа тизимлари техниги мутахассислиги бўйича ўқияпман. Шу ерда, марказ ётоқхонасида яшаяпман. Қисқа вақтда анча нарса ўрганиб олдим. Келгусида шу йўналиш бўйича тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш ниятидаман.
Марказни тамомлаган битирувчилар ўз иш жойларига эга бўлишлари учун асосий мезон бу битирувчилар малакаларининг корхоналар талабларига жавоб бера олишидир. Ушбу талабларни яқиндан билиш, уларни ўқув жараёнида доимий равишда ҳисобга олиш учун корхона ва муассасалар билан ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор бериш талаб этилади. Ҳозирда Самарқанд автомобиль заводи, “MAN-Auto Uzbekistan”, “UzautoTrailer”, “EL-XOLDING”, “Avtotexxizmat”, “Стеклопластик”, “UrGAZ”, “SET”, “Temir metal”, “Ferre” каби йирик корхоналар, вилоятдаги олий ўқув юртлари, умуман, юзга яқин ташкилот билан ҳамкорлик ўрнатилган.
– Марказ ташкил этилганидан буён ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйганмиз, – дейди Самарқанд шаҳридаги “EL-XOLDING” компанияси вакили Ж.Муҳаммадиев. – Талабалар корхонамизда амалиёт ўтайди ва бу жараёнда фаолиятимиз тўғрисида тушунчага эга бўлади. Ўз касбини пухта эгаллаган, корхонамизда ишлаш истагида бўлган битирувчиларни ишга қабул қиламиз. Электроника ва асбобсозлик, пайвандлаш ва чилангарлик ишлари, компьютер графикаси бўйича яхши мутахассислар бор. Улар бизда ҳам қисқа вақтда ўз муносиб ўрнини топяпти.
Бундан ташқари, Корея таълим ва технологиялар, Keimyung College, Aujo motor College, Bucheon ва Vusok университетлари билан ҳам ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган. Ана шу ҳамкорлик маҳсули ўлароқ марказ бугунги кунда Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (КОICА), Кореянинг Keimyung College университети билан 1,1 миллион АҚШ доллари миқдоридаги давлат-хусусий шерикчилиги лойиҳасини амалга оширмоқда.
Ушбу лойиҳа доирасида COVID-19 га қарши курашиш, яъни ҳимоя воситалари сотиб олиш ва дезинфекция мақсадлари учун 2,5 минг, Keimyung College университети томонидан эса Самарқанд шаҳар “Саховат ва кўмак” жамғармасига 2 минг АҚШ доллари, Самарқанд шаҳридаги 54-умумий ўрта таълим мактабига 4 миллион корейс вони миқдорида ёрдам кўрсатилди. Шунингдек, КОICА томонидан марказга онлайн ўқитиш платформасини ишлаб чиқиш учун 50 минг АҚШ доллари миқдорида грант маблағлари ажратилди.
Мазкур грант доирасида Самарқанд ва Шаҳрисабз касб-ҳунарга ўқитиш марказлари ўқувчилари ўртасида “Зеҳн билан COVID-19 ни енгамиз” мавзусида видеоролик ва постерлар мусобақаси ўтказилиб, ғолиблар 1 миллион сўмдан 2 миллион сўмгача бўлган пул мукофотлари билан тақдирланди. Умуман, юртимизда Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги томонидан ташкил этилган касб-ҳунарга ўқитиш марказлари тингловчилари ўртасида касблар бўйича мунтазам мусобақа ва танловлар ўтказиб турилади.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, KOICA, Keimyung College университети ва Самарқанд касб-ҳунарга ўқитиш маркази ҳамкорлигида 2019-2022 йилларда “KOICA PUBLIC-PRIVATE PARTNERSHIP PROJECT” Самарқанд касб-ҳунарга ўқитиш марказининг таълим салоҳиятини мустаҳкамлаш орқали Самарқанд вилоятида ишчилар малакасини ошириш ва ишга жойлаштиришни кучайтириш” лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Мазкур лойиҳа учун KOICA 900 минг доллар, Кеимюнг коллеж университети 300 минг доллар миқдорида грант маблағларини ажратган. Ушбу маблағлар ҳисобидан Самарқанд касб-ҳунарга ўқитиш марказида машинасозлик технологияси, компьютер дизайнери йўналишлари ва “Самарқанд стартап инкубатор” маркази ташкил этилди. Ушбу марказ ёшларга тадбиркорлик бўйича сабоқ бермоқда.
– Ўтган йил декабрь ойида марказни битирдим, – дейди Зафар Сиддиқов. – Ўқиш даврида стартап инкубатор марказида ўз бизнес лойиҳам билан қатнашдим. Сайтлар яратиш ва дизайнерлик хизматлари кўрсатиш бўйича лойиҳамни амалга ошириш учун ҳозирда ушбу марказ резиденти сифатида изланиш олиб боряпман. Бунинг учун зарур шарт-шароит яратиб берилган.
Марказнинг талабалари пандемия шароитида машғулотларда онлайн қатнашди. Амалий машғулотлар эса марказнинг ҳамкор ташкилотларида амалга оширилди. Ҳар бир дарс жараёни, тингловчиларнинг назарий ва амалий машғулотлардаги иштироки доимий эътиборда бўлди ва белгиланган ўқув дастурини тўлиқ ўзлаштирди.
Бугунги кунда яна 300 нафарга яқин талаба таҳсил олмоқда. Бу ёшлар келажакда аниқ иш ўринларига эга бўлиши учун бандликка кўмаклашиш маркази, корхона ҳамда касб-ҳунарга ўқитиш маркази билан тўрт томонлама шартномалар имзоланган. Ўқувчилар марказда олти ой давомида таҳсил олгандан кейин тузилган шартномага асосан икки ой давомида корхонада ишлаб чиқариш амалиётини ўтайди. Бу даврда улар шу корхонага мослашиши ва келажакда ишлаб қолишлари учун замин яратилади.
Manba: Uza