Самарқанд шаҳридаги ишсиз ва банд бўлмаган аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш марказида 2020 йил 6- февраль куни “ Электроника ва асбобсозлик” бўлимининг гуруҳ талабалари ўртасида “ КАСБИМ – ФАХРИМ ” шиори остида касбий- амалий кўникмалар мусобақаси бўлиб ўтди.
Беллашувнинг мақсади – фан ва ишлаб чиқаришни модернизациялаш борасида ўқувчиларда касбий маҳоратининг самарадорлигини ошириш, назарий ва амалий эгаллаган билимларини мустаҳкамлаш, иқтидорли ва қобилиятли талабаларни илғор ишлаб чиқариш корхоналарига йўналтириш, замонавий техника ва технология имкониятларидан оқилона фойдаланиш, талабаларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришдир.
Тадбирни марказ директори техника фанлари доктори, профессор Эргашев Исмоил Ташкентович очиб берди. Тадбир ҳақидаги фикрларини билдириб, иштирокчиларга омад тилади. Талабалар иштирокини ҳолисона баҳолашда Электроника ва асбобсозлик бўлимининг Жанубий Кореялик кўнгилли ўқитувчиси Чои Дае Шик ҳамда ишлаб чиқариш корхоналариинг етакчи мутахассислари ҳайъат аъзолигига жалб этилди.
Жумладан “RENESANS DIZAYN” хусусий корхонасидан ишлаб чиқариш бўйича бош муҳандис Алишер Кулиев ва бош энергетик Жавлон Маматкуловлар, “ELXOLDING” корхонасидан Рустам Арипов, “DAKA TEX” хорижий корхонаси ишлаб чиқариш бўйича бош муҳандис Бекзод Ахунбаев ҳамда “EUROASIALIFT” маъсулияти чекланган жамиятидан Жайҳун Назаров, Раимжон Абдуаҳатовлар ташриф буюришди. Мусобақада иштирокчилар Электр ишлари, Дастурий мантиқий контоллерлар билан ишлаш, Саноат электромонтажи, Электр юритмаларнинг чўлғамини ўраш, Амалий электроника ва Бошқаришни таъминлаш манбаалари каби номинациялар бўйича беллашди.
Қизиқарли ва баҳс-мунозарага бой бўлган беллашувда 1-гуруҳ иштирокчилари умумий ҳисобда 4:2 натижа билан ғолиб жамоага айланди. Ҳар бир номинация бўйича фахрий ёрлиқ ва қиммат баҳо совғалар билан тақдирланди. Тадбир сўнгида фаол қатнашган иштирокчиларга келгуси фаолиятини давом эттириш учун ишлаб чиқариш корхона вакилларининг таклифига биноан жами 11нафар битирувчи иш ўрнига эга бўлди.